Суҳроб Ҳайдаров 18 ёшда. Унинг 7-10 ёшли ўқувчилари роботлар ясайди. Шунингдек, у IT-компания эгаси. Ёш қаҳрамонимиз юзлаб болаларни робототехникага ўқитгани, пулсизлик ва қўллов бўлмагани сабаб мағлубиятларга учрагани, лойиҳаларини сотиб компаниясига пул тиккани ва ниҳоят кўплаб медалларни қўлга киритгани ҳақида Kun.uz'га гапириб берди.
«YouTube'дан кўрган видеом мени робототехникага олиб кирган»
— Асли навоийликман, Кармана туманида туғилиб ўсганман. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги IT-паркда робототехника бўйича менежерман. Яъни робототехника бўйича 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аудиторияга дарс бераман. Ҳозирда 50 дан ортиқ шогирдларим бор. Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2-босқич талабасиман. «Uzrobup» компанияси асосчиси ва бир нечта стартаплар муаллифиман.
Бу соҳага қизиқишим 14 ёшимдан бошланган. Робототехникага YouTube'даги биргина видео сабаб бўлган. Ўзбекистондан тажрибали устоз тополмаганман. Бир-иккита марказлар бўлган, аммо охиригача етишга кўзим етмаган. Шундан кейин онлайн платформалар орқали устозлар топдим. Улардан 6 ой давомида таҳсил олдим.